Қозоғистон президенти Сенат раиси Танзила Нарбаевани қабул қилди

Ўзбекистон Сенати раиси Остана шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти"да қатнашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқанв Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаевани қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда ёзилишича, суҳбат чоғида парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва давлатлараро муносабатларга янги суръат бағишлашга қаратилган Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Тоқаев Ўзбекистон Сенати раисига Остана шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти"даги муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва йиғилишдаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Унинг фикрича, ушбу платформанинг биринчи йиғилиши натижалари минтақадаги ҳамкорликни жонлантиришга хизмат қилади. Марказий Осиёда гендер тенглигини таъминлаш ва барқарор ривожланиш йўналишида узоқ муддатли ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Тоқаев Нарбаеванинг ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос хусусиятининг ёрқин ифодаси экани, Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига мос келишини таъкидлади.
“Ўтган йил декабрда Ўзбекистонга қилган давлат ташрифим натижаларини юқори баҳолаймиз. Жорий йилнинг 3 март куни Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган норасмий учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама этилди. Нафақат ҳукумат даражасида тизимли ишлар олиб борилаётгани, балки парламентлараро дипломатия ҳам фаол ривожланаётгани қувончли. Шу боис келаси йили Самарқандда иккинчи парламентлараро форум ўтказилишини олқишлайман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Ўз навбатида Танзила Нарбаева кўрсатилган ҳурмат учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.
Сенат раиси Ўзбекистон Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак қадрлашини қайд этди.
“Сизни Қозоғистоннинг бутун тизимини сиёсий модернизация қилишга ҳисса қўшган кенг кўламли тадбирлар муваффақиятли амалга оширилгани билан табриклайман. Мамлакатингиз тўғри йўлдан бормоқда ва амалга оширилаётган ислоҳотларингизни халқ фаол қўллаб-қувватламоқда. Биз бундан хурсандмиз", – деди Нарбаева.