ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Сурхондарё вилоятида 1560 МВт қувватга эга буғ-газ электр станцияси қурилади, дея хабар берди Энергетика вазирлиги.
Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ)ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Сурхондарёда электр станцияси қуриш учун давлат кафолатисиз 325 млн евро инвестиция киритмоқда. ОИИБ 225 миллион, ИТБ эса 100 миллион евро миқдорида маблағ ажратади.
“А” категориясига кирувчи мазкур лойиҳа 2022 йилнинг апрелида ишлаб чиқилган бўлиб, шу йил 17 май санасида сўнгги баҳолаш ишлари олиб борилган.
“Бу инвестициялар Ўзбекистон иқтисодиётига давлатнинг ҳеч бир кафолатисиз йўналтирилиши мўлжалланган”, - дейилади хабарда.
Лойиҳа Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида, “Учқизил” сув омборининг шимоли-шарқида жойлашган ҳудудда амалга оширилади.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад эса Ўзбекистонда юқори самарадор электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини оширишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1573 МВт бўлган замонавий буғ-газ электр станцияси қурилиши маълум қилинган эди. Станция 61,9 гектар майдонда барпо этилади. Уни 2026 йилда ишга тушириш режалаштирилган.