“Газпром” ва “QazaqGaz” Ўзбекистонга газ етказиб беради

“Газпром” ва “QazaqGaz” ўртасида Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиб беришга оид шартнома имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Россиянинг “Газпром” ва Қозоғистоннинг “QazaqGaz” компаниялари Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиб беришга оид шартнома имзолади. Ҳужжат Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) имзоланди, деб хабар берди Қозоғистон Энергетика вазирлиги.
“Газпром” бошқарув раиси Алексей Миллер билан учрашувда “Газпром” ва “QazaqGaz” ўртасида Россия табиий газини Ўзбекистон истеъмолчиларига етказиб беришга оид шартнома имзоланди”, - дейилган хабарда.
Томонлар, шунингдек, газ етказиб бериш, қайта ишлаш ва ташиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишган.
Қозоғистон ва Россия энергетика вазирлари Россия нефти транзити бўйича ҳукуматлараро келишувларни ҳажмларни 10 миллион тоннагача ошириб, 2033 йил охиригача узайтиришган.
Аввалроқ Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга етказиб беришдан ҳам даромад олаши, ҳам бу ҳудудда энергетика таъминоти яхшиланишини маълум қилган эди.
2023 йил январь ойида “Газпром” ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланган эди. 30 май куни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш масаласини муҳокама қилишганди.