Зилзиладан эрта огоҳлантириш миллий тизими қандай яратилмоқда — ФВВ

Ўзбекистонда кучли зилзилалардан эрта огоҳлантириш тизимини яратиш мақсадида 200 та қўшимча акселерометрлар ўрнатилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Ўзбекистонда сўнгги йиллар давомида сейсмик мониторинг тизими такомиллаштирилмоқда. Бу ҳақида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Элёр Аҳмадалиев маълум қилди.
Мутахассиснинг айтишига кўра, ер қобиғининг кучланган-деформацияланган ҳолатини кузатувчи, сейсмик хавфни баҳолашда ва зилзилалар даракчиларини қайд қилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида 2021-2022 йилларда 10 та паст самарали станциялар фаолияти тўхтатилиб, уларнинг ўрнига 14 та янги сейсмик станциялар очилган.
Шунингдек, сейсмик станциялар интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиб, зилзилаларни реал вақт режимида мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилган. Станциялар техник жиҳозланиши яхшиланган.

Ундан ташқари, кучли зилзилалар ҳақида эрта огоҳлантириш миллий тизимини босқичма-босқич яратиш мақсадида 2023-2025 йиллар мобайнида республиканинг сейсмик фаол ҳудудларига 200 дона акселерометрларни босқичма-босқич ўрнатиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қурилаётган ва фойдаланишдаги объектларнинг зилзилабардошлик талабларини бузилишига олиб келувчи мавжуд камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиши;
Фанлар академияси биноларнинг сейсмик мустаҳкамлигини текшириш ва мониторинг қилиш методикаси ёрдамида биноларни синовдан ўтказиши;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила вақтида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишини ташкил этиш белгиланган.
ФВВ қариялар, ногиронлар ва бошқа мурувват уйларида ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган ишчи-хизматчиларга фавқулодда вазиятларда имконияти чекланган фуқароларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган қоидалар, биринчи тез-тиббий ёрдам кўрсатин бўйича алоҳида учрашувлар ўтказиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сонли “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинган эди.
Энди ўзбекистонликлар кучли зилзила олдидан огоҳлантирилади