ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Ўзбекистон миллий банки Хитой юанида облигациялар чиқариш масаласини ўрганмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати Sputnik мухбирига маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Хитой юанидаги облигациялар чиқариш имкониятини кўриб чиқмоқда. Банк Хитой юанидаги облигациялар эмиссиясини ўрганиш доирасида етакчи Осиё ва Европа инвесторлари билан “Non-Deal Road Show”ни муваффақиятли ўтказди.
Матбуот хизмати хабарига кўра, инвесторлар билан учрашувлар “Invesco”, “L&R Capital”, “Gaoteng”, “Nexus”, “Guotai Junan Securities”, “Erste Bank Treasury”, “BNP Paribas Asset Management Asia Ltd”, “Fuh-hwa Securities Inv Trust Co Ltd”, “Bank Invest Asset Management – Den”, “HPS Investment Partners”, “China Investment Corporation”, “Bohai Bank HK Branch”, “Guolian Securities”, “Aberdeen Asset Management”, “Haitong Asset Management” ва “Haitong Private Wealth Management” каби йирик инвестиция компаниялари билан бўлиб ўтган.
“Хорижий инвесторлар ва банклар билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш ҳамда Хитой юанида облигациялар чиқариш халқаро қарз бозорининг ўзгарувчанлиги шароитида истиқболли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш имконини беради ҳамда Ўзбекистоннинг бўлажак эмитентлари учун бенчмарк* яратади”, - дейилади банк хабарида.
Маълумот учун, облигация — қийматига нисбатан эгасига қатъий белгиланган даромад келтирувчи қимматли қоғоз, қарзни қайтариб бериш ва фоиз тўлашни тасдиқловчи мажбуриятнома. Фонд биржаларида сотилади. Облигация аҳоли, корхона ва ташкилотлар қўлидаги пул маблағларини тўплаб, бирор мақсад йўлида сафарбар этиш учун чиқарилади.
* Бенчмаркинг - рақобатчилар тажрибасини ўрганиш ва компанияда энг яхши тажрибаларни жорий этиш имконини берадиган методлар тўплами.