Ўзбекистонда ҳафта давомида иссиқ об-ҳаво сақланиб туради

Республика ҳудуди бўйича ушбу ҳафта давомида об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳароратнинг бироз пасайганидан сўнг, ушбу ҳафтада ҳарорат яна аста-секин кўтарила бошлайди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида кундузи ҳаво +37-40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +41-42 даражагача исийди. Бу июнь ойининг ўртаси учун экстремал қийматлар эмас, аммо бу даврнинг иқлимий қийматларидан юқори.
Республика ҳудуди бўйича ушбу ҳафта давомида об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 12-13 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
12-13 июнь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтда ушбу ҳафтада ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади, 12-13 июнда 10 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечаси +23-25 даража, кундузи +37-39 даража бўлади.