ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Жорий йил 1 июлдан 1 августгача “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилади. Унда таълим соҳаси ходимлари, мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади, дея хабар берди ССВ.
Акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида ўқитувчи ва мураббийларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чораларини кўриш кўзда тутилган.
Дастлаб таълим соҳаси ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади. Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.
Тиббий кўриклар якунида:
ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
ўткир ва сурункали касалликлар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.
Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Маълумот учун, айни дамда 10 минг 118 тa умумтаълим мактабида 6,3 миллион нафардан зиёд ўқувчига қарийб 510 минг нафар ўқитувчи таълим беради. Шунингдек, 29 минг 420 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларда 2 минг 100 миллион нафар бола тарбияланади.