ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Абай вилояти ҳудудида рўй берган ўрмон ёнғини оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан президент Қосим-Жомарт Тоқаев ва Қозоғистон халқига чуқур ҳамдардлик ва далда сўзларини изҳор этди. Табиий офатга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани таъкидланди.
Президентлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Савдо, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, Абай вилоятидаги ўрмон ёнғини ўтган ҳафта пайшанба куни чақмоқ уришидан кейин бошланган. Ёнғин оқибатида “Семей ўрмони” қўриқхонасининг 14 ишчиси ҳалок бўлди.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин майдони 60 минг гектардан ошган. Ёнғинни ўчиришга 300 та техника, 1500 га яқин киши ва 11 вертолёт жалб этилган.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 12 июнни умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.