Қурбонликнинг аввалги вақти Қурбон ҳайити куни тонг отгандан бошланади ва яна икки кун давом этади. Охирги кун қуёш ботишигача жонлиқ сўйиш мумкин.
“Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Улар - (Зулҳижжанинг) ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари. Аввали(да қурбонлик қилиш) охиридан кўра афзалдир. Наҳр (яъни, қурбон ҳайити) куни тонг отгандан Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботгунича кундузию кечасида сўйиши жоиз. Лекин тунда сўйиш макруҳ”, дейилади ишончли манбаларда.
Қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қурбон ҳайити куни то ийд намозини адо этиб, жонлиқни сўйиб, унинг гўштидан таом тайёрлаб емагунича бирор нарса тановул қилмай туриши мустаҳаб экани таъкидланган. Агар қурбонлик қилмайдиган киши бўлса, бу ишда ихтиёрли ҳисобланади.
Қурбонликнинг энг афзали қурбонлик қилувчининг ўзи сўйишидир. Агар ўзи сўйишни билмаса, бошқа одамга буюриш ҳам мумкин. Лекин сўйиш вақтида ҳозир бўлиш мустаҳабдир (савоби улуғроқдир). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимага розияллоҳу анҳога: “Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл, унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг аввалги гуноҳларинг мағфират қилинур”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки оммаи мусулмонларгами?” дедилар Фотима розияллоҳу анҳо. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, оммаи мусулмонларгадир”, деб жавоб бердилар.
Жонлиқ сўйишда “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар” деб сўйиш суннатга мувофиқ сўйиш ҳисобланади.
Ҳайвон сўйганда уни оғиз билан пуфлаш макруҳ бўлади. Чунки ҳадиси шарифларда таомга ва ичимликка пуфлашдан қайтарилган. Қўй гўшти ҳам таом бўлгани боис, бунга ҳам пуфлаш макруҳ, дейилади. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам идишда нафас олишдан ёки идиш ичига пуфлашдан қайтарганлар” (Имом Термизий ривоятлари).
Ҳайвонларни сўйишнинг ўзига хос одоблари, мустаҳаблари бор. Туяни тик турган ҳолида олдинги чап оёғини боғлаб, бўйнининг пастидан, кўкраги тамондан сўйиш, қорамол ва қўйларни эса чап томони билан ётқизиб, томоғининг тагидан сўйиш, пичоқнинг ўткир бўлиши, уни сўйиладиган ҳайвоннинг олдида ўткирламаслик, бошқа ҳайвоннинг кўз олдида сўймаслик шулар жумласидандир.
Қурбонлик кимларга вожиб?
Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт.
1.
Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи ибодат бўлиб кофир унга аҳл эмас (Бадоеъус саноеъ).2.
Озод бўлиш. Чунки қулнинг мулки бўлмайди (Ал баҳрур роиқ).3.
Нисоб эгаси бўлиш.4.
Муқим бўлиш. Мусофирга қурбонлик вожиб эмас. Гарчи сафарда нисоб миқдорига эга бўлса ҳам. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофир зиммасига қурбонлик вожиб эмас”.Қандай ҳайвон қурбонлик қилиниши лозим?
Қурбонлик қилинадиган ҳайвон агар қўй бўлса, энг камида бир ёш, мол бўлса, энг камида икки ёш, туя бўлса, энг камида беш ёш бўлиши лозим. Фақат қўй олти ойлик бўлиб жуссаси бир ёш қўйнинг жуссаси каби катта бўлса, мазкур олти ойлик қўйни ҳам қурбонлик қилиш мумкин. Мазкур ҳайвонларнинг эркаги, урғочисини ҳам қурбонлик қилиш мумкин.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ичимизда туриб: “Тўрт нафар ҳайвон қурбонликка ярамайди: кўзи кўрлиги билиниб турган (айбли) ҳайвон, касали зоҳир касал ҳайвон, чўлоқлиги зоҳир чўлоқ ва ўрнидан тура олмайдиган ўта озғин ҳайвон”, дедилар" (Имом Термизий ривояти).
Курбонлик қилинадиган ҳайвон айбдан холи бўлиши лозим. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг қулоғи, ёки думи, ёки кўзининг бир қисмидан кўпроғи йўқ бўлса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Касал, чўлоқ ва озғин ҳайвонлар сўядиган жойга ўз оёғи билан юриб бора олмаса, қурбонликка сўйиш жоиз эмас.
Қурбонлик гўшти етим-есирларга, мазлум ва эҳтиёжманд кишиларга тарқатилади.
(Мақола Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази маълумотлари асосида тайёрланди)