Қурбон ҳайити тарихи ва аҳамияти

© Sputnik / Элина ЯсыроваМужчина ведет жертвенных козлов на одной из улиц Исламабада. Архивное фото
Мужчина ведет жертвенных козлов на одной из улиц Исламабада. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.06.2023
Oбуна бўлиш
Мусулмон оламида кенг нишонланадиган, барча мусулмонлар учун хос бўлган байрамлардан бири бу ҳайит (ийд) байрами ҳисобланади.
“Ҳайит” сўзи араб тилидан кириб келган сўз бўлиб, “ийд” – байрам, маъносини билдиради. Ислом анъанасига кўра иккита ҳайит байрам сифатида нишонланади: Рамазон ҳайити (Ийд ас-сиғар, Ийд ал-фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-кабир, Ийд ал-адҳо).
Мусулмон оламида ҳайит кунлари ой тақвими асосида белгиланади. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг ўнинчи кунига тўғри келади.
Қурбонлик ҳижрий иккинчи йил вожиб бўлган бўлса-да, лекин унинг тарихи анча узоқларга – Иброҳим алайҳиссалом замонларига бориб тақалади ва у зотдан бизга қолган амаллардандир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қурбонлик қилинглар! Албатта, у отамиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатларидир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Иброҳим алайҳиссаломга тушларида: “Сиз ўз фарзандингизни жонини бизга фидо қилинг” деган амр бўлди. Иброҳим алайҳиссалом бу ҳукмни Исмоил алайҳиссаломга баён қилдилар.
Исмоил алайҳиссалом эса “Эй отажон, сизга (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгинг. Ин шаа Аллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсиз” дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломни пешоналарини бир нарса устига қўйиб, забҳ қилишни бошлаб, куч билан пичоқни тортган эдилар, пичоқ кесмади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломга “сўйинг” деб, пичоққа эса “сўймагин” деб ҳукм бўлган эди.
Иброҳим алайҳиссалом ғазабланиб пичоққа: “Сенга нима бўлди, нима учун кесмаяпсан?” дейдилар. Пичоқ: “Эй Иброҳим! Сиз ўз ишингизни қилинг, мен ўз ишимни қиламан. Чунки сизга бошқа ҳукм, менга бошқа ҳукм буюрилган”, деди.
Дарҳақиқат пичоққа “Ўтмас бўл” деб ҳукм бўлган эди, у ўтмас бўлганди. Иброҳим алайҳиссаломга эса “Сўйинг” деб ҳукм бўлган эди, улар сўйишга киришдилар. Шу пайтда ғайбдан овоз келди: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”. Иброҳим алайҳиссаломнинг бу амалларига қурбонлик қилиш масаласи тортиб топди. Аллоҳ таоло унинг бу амалига ниҳоятда “улкан амал” деб баҳо берди. Чунки у зот ўз тарафларидан қилиниши керак бўлган ишни мукаммал адо этган эдилар. Улар ўғилларини сўйишга ётқизиб, унинг бўйнига пичоқ тортаётган вақтларида пичоққа “сўйма” деб амр бўлганини билмаган ва пичоқ ҳам ўз ишини қилмаслигидан бехабар эдилар. Балки, “пичоқни тортаман ва шу билан қурбонлик иши тамом бўлади” деб ўйлаган эдилар.
Бу қисса ҳақида Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

“Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни – қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)”.

Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами ҳақида, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтдилар: “Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир”, дедилар. Бир киши: “Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?” деди. У зот: “Йўқ! Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир”, дедилар”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
(Мақола Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво маркази ҳамкорлигида тайёрланди)
Янгиликлар лентаси
0