ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Бугундан Тошкентдаги 7 та автобус йўналишида хизмат кўрсатиш янги тизим асосида амалга оширилиши бошланади. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” хабар берди.
Қайд этилишича, 27, 51, 69, 94, 100, 131, 185-сонли автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш янги турдаги брутто шартномалар асосида амалга оширилиши бошланади.
Шунингдек, йўловчиларга кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш мақсадида, 27- ва 185-сонли йўналишларда "Isuzu" русумли автобуслар ўрнига "SAZ LE-60" русумли автобуслар, 61-сонли йўналишда эса 5 дона "Yutong" русумли автобуслар ҳаракати бошланади.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилиши маълум қилинган эди. 5 майдан бошлаб 5, 11, 18, 19, 37, 44, 67, 77, 83, 136, 139, 142, 72 ва 81-йўналишлар брутто-шартномаларга ўтказилган эди.
Маълумот учун, брутто-шартнома тизими – йўналишларда чекланган тарифларда йўловчи ташиш хизматлари учун “босиб ўтилган йўл” ва “сифат” мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ваколатли орган ва ташувчи ўртасида тузилган шартнома.