Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Президентликка номзодларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди

МСК Улуғбек Иноятовнинг 15 нафар, Шавкат Мирзиёевнинг 14 нафар, Робахон Маҳмудова ҳамда Абдушукур Ҳамзаевнинг 15 нафардан ишончли вакилларини рўйхатга олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Ҳамзаевнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.
Улуғбек Иноятовнинг 15 нафар, Шавкат Мирзиёевнинг 14 нафар, Робахон Маҳмудова ҳамда Абдушукур Ҳамзаевнинг 15 нафардан ишончли вакиллари рўйхатга олинди.
МСК котибият раҳбари Худоёр Маматовнинг сўзларига кўра, номзод сайловга қадар ишончли вакилини МСКга маълум қилган ҳолда ваколатидан махрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил ҳам исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқид қилишга ҳақли.
"Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекситон ҳудуди доирасидаги сафар ҳаражатлари сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тўланади", дейди Худоёр Маматов.
Ишончли вакилга унинг аризасига биноан сайловолди ташвиқоти ўтказиш даврида иш ҳаққи сақлаб қолинмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Ишончли вакил бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан бирга учрашувлар ўтказишга ёки бошқа номзодлар томонидан ташкил этилган учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Маълумот учун, ишончли вакиллар президент лавозимига номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, унинг сайланиши учун ташвиқот олиб боради. Шунингдек, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Ўзбекистон президенти сайлови — 2023
Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди