ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Қатар фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-каналида хабар қилинди.
Фармонга кўра, Қатар фуқаролари учун Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланди.
Қайд этиш жоизки, Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Олий мартабали меҳмон ташрифининг асосий тадбирлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қатар саммитида иштирок этиш учун Самарқандга жўнаб кетди.
Фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинадиган мамлакатлар рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали тўлиқ танишиш мумкин.