Мисрдан Ўзбекистонга навбатдаги дори воситалари партияси етиб келди

“Даклатасвир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Кеча “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган С гепатитига қарши “Даклатасвир” дори воситасининг олтинчи партиясини Тошкентга бепул етказиб берди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Мазкур акция Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси ва “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан ташкил этилган. Ушбу юкнинг олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусологияда ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида аввал эришилган келишувларнинг амалий натижасидир.
Умумий ҳажми 17 мингдан ортиқ “Даклатасвир” дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади.
Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан 2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,2 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситаларини Ўзбекистонга бепул етказиб бериш бўйича келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 апрель куни Тошкент халқаро аэропортига гепатит С га қарши “Даклатасвир” препаратининг биринчи партияси етиб келган эди.