ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон ўртасида соғлиқни сақлаш, жумладан, тиббиёт саноати ва ядро тиббиёти соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
Бугун Самарқандда Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми бўлиб ўтди. Унда Россия Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко иштирок этди.
"Бугун биз янги йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини кўрмоқдамиз. Бу иммунология, генетика, тиббиёт саноатини ривожлантириш масалаларига тегишли", - деди Мурашко журналистларга.
У ядро тиббиёти ва таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиш режалаштирилганини таъкидлади.
Бугунги кунда Россияда ўзбекистонлик 3500 дан ортиқ талаба тиббий таълим олмоқда, деди вазир. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда россиялик тиббиёт мутахассислари ўз билимларини ўзбекистонлик ҳамкасбларига таклиф этилади.
Ўзбекистонда Россиянинг радиофармпрепарат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда, дея қўшимча қилди Соғлиқни сақлаш вазири. Унинг сўзларига кўра, "Росатом" ҳозирда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун жой танламоқда.
Радиофармпрепарат - бир ёки бир нечта радиоактив изотопларни (радионкулидлар) ўз ичига олган фойдаланишга тайёр шаклдаги доривор маҳсулот. Улар асосан онкология, ревматология ва эндокринологияда кенг қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форумида бир қатор меморандум ва шартномалар имзоланди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳамкасби Михаил Мурашкога "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини топширди. Шунингдек, бир гуруҳ россиялик ҳамкорлар ҳам "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.