Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди — унинг вазифалари қандай?

Янги агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органига айланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Бу ҳақда 1 июнь куни давлат раҳбари имзолаган фармонда назарда тутилган.
Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органига айланди.
Ҳужжатга кўра, 1 июлдан бошлаб агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам ташкил этилди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг асосий вазифалари:
ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш;
эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш.
Агентлик томонидан 15 августга қадар аҳолини ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурлари бўйича, шу жумладан, уларнинг мобиль алоқа воситаларига маълумот юбориш орқали хабардор қилиш амалиёти жорий этилади.
Шунингдек, 1 октябрга қадар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимини ишга туширади.
2024 йил 1 январдан бошлаб “Меҳр дафтари”, “Саховат ва кўмак”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва кўмаклар қамраб олинади.
Ҳар ҳафтанинг жума куни “Меҳр ва саховат куни” сифатида белгиланиб, эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирлари ўтказилади.
Агентлик қандай ҳуқуқларга эга?
ваколатли давлат органларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастурлар талабларини бажармаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирларни қўллаш бўйича тақдимномалар киритиш;
умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;
маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳолатлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлар базасидан реал вақт режимида фойдаланиш;
давлат органлари ва ташкилотларидан зарур статистик, таҳлилий ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари учун давлат олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш;
маслаҳат-кенгаш органлари ва эксперт комиссияларини ташкил этиш;
махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг мутахассисларини жалб этиш;
ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан ҳамкорлик юзасидан ва бошқа шартномаларни тузиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мансурбек Оллоёров Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди.