ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Ўзбекистонда илк марта электромобиллар йўналишсиз такси хизматини кўрсатади, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Қайд этилишича, “White House Bukhara” МЧЖ корхонаси Бухорога 30 та электромобиль олиб келган.
Эко-таксилар тўла қувват билан 500 км дан ортиқ масофани босиб ўтади. Яқин орада ташувчи паркига яна 20 та электромобиль келиб қўшилади.
Маълумот учун, президентнинг ПҚ-443-сон қарорига мувофиқ, электромобиллар ва гибрид автомобилларда йўловчиларни ташиш хизматларини кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 2030 йил 1 январга қадар лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божини тўлашдан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шу йилнинг январь-апрель ойларида 9 та хорижий давлатдан 2 544 дона электромобил импорт қилган. Уларнинг нархи 81,3 млн долларга тенг. Электромобиллар импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 1815 тага ошган.