ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳафта давомида кузатилган қуруқ ва ўртача иссиқ об-ҳаво дам олиш кунларида ҳам сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар қилди.
2-4 июнь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди.
Ҳаво ҳарорати +34…+39 даража атрофида бўлади. Бундай ҳарорат июнь ойининг бошидаги меъёрий қийматлардан 2-4 даражага юқоридир. Аммо Ўзбекистоннинг метеорологик кузатувлари йилномасида айрим йиллар борки, ушбу йилларда ҳаво ҳарорати июнь ойининг энг бошида +38…+40 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +41…+43 даражагача кўтарилган.
Республиканинг тоғли ҳудудларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Фарғона водийси билан чегарадош айрим тоғли ҳудудларда жума кунининг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шимолда ва чўл ҳудудларда 2 июнь куни шамол 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтда 2-4 июнь кунлари ҳаво кам булутли бўлади, шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳарорат +34…+37 даража атрофида бўлади.