ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Тошкент ва Олмаота ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланиши мумкин. Қозоғистоннинг Олмаота вилояти ҳокими ўринбосари Нуржан Кудайберганов Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов билан учрашувда шундай таклиф билдирди.
Учрашувда Кудайберганов Тошкент ва Олмаота ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйишни ҳам таклиф қилди.
Томонлар ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг истиқболларини муҳокама қилишди.
Нуржан Кудайберганов Тошкент шаҳридаги ўзгариш ва янгиланишлар, пойтахт жадал суръатларда ўсиб бораётгани, Янги Тошкент қурилиши бошланганлигини эътироф этди.
Олмаота вилоятида янги шаҳар маркази қурилиши режалаштирилганлиги ва бу борадаги лойиҳа ва ишларни ташкил этишда Тошкент шаҳри тажрибаси билан ўртоқлашиш муҳим эканлигини қайд этди.
Бахтиёр Раҳмонов Янги Тошкент лойиҳаси хусусида тўхталар экан, у ерда маъмурий бинолар қатори, турар жойлар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари, IT-марказлар, умуман, замонавий шаҳар маркази талабига мос барча иншоотлар барпо этилишини айтиб ўтди.