ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Тошкент метроси иссиқ об-ҳаво туфайли тезликни пасайтиради. Бу ҳақда Тошкент метрополитени хабар берди.
Қайд этилишича, ёз мавсумининг бошланиши муносабати билан Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши ва натижада ер усти темир йўлларининг релслари ҳамда уларнинг пўлат қисмларида ҳарорат жуда юқори бўлиб, +70 даражага етиши мумкин.
“Юқоридагиларни эътиборга олиб, Ер усти ҳалқа йўли ва Сергели йўли участкаларида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши кузатилган вақтларда поездлар ҳаракати тезлигининг вақтинча чеклови жорий этилади”, - дейилади хабарда.
Темир йўллардан фойдаланиш қоидаларига кўра релсларнинг ҳарорати +55 даражадан ошганда поездлар ҳаракати тезлиги пасайтирилади. Яъни релсларнинг ҳарорати +60 даражагача бўлганда поездлар ҳаракати тезлиги 40 км/соатдан, +65 даражагача 25 км/соатдан ошмаслиги, +70 ва ундан юқори даражада эса поездлар ҳаракати тақиқланиши белгиланган.
Мазкур чеклов поездлар ҳаракати ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет ёз аномал иссиқ бўлмаслиги, бироқ ҳароратни +40-42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида +43-45 даражагача кўтарилиши ҳам истисно қилинмаслигини маълум қилган эди.