Наманганда антиқа палов танлови ўтказилди

Танлов “Афсоналар водийси” тематик паркида 4 кун мобайнида ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивали доирасида “Ўзбегим палови маданияти” танлови ўтказилди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Танлов “Афсоналар водийси” тематик паркида 4 кун мобайнида ўтказилди.
Мусобақада 100 дан ортиқ ошпазлар қатнашди, унинг финал босқичи энг маҳоратлилар ўртасида кечди. Наманган шаҳридаги “Бешчинор” ошхонасининг ёш ошпази Яхёхон Абдулхаев битта қозонда 2 хил ош тайёрлади.
Танловда ошнинг барча турларини тайёрлашга эътибор қаратилди. Девзира, чўнғара, лазер гуручларида қазили, каватакли, саримсоқпиёзли, голубсили ошлар пиширилди.
Шунингдек, ошхона ва ресторанлардаги хизмат қилиш тажрибалари ҳам кўрсатилди. Финал босқичи иштирокчилари белгиланган вақт оралиғида ош тайёрлаб, ҳакамлар ҳукмига ҳавола этди.
“Энг ёш ошпаз”, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг мазали ўзбек таоми”, “Энг мазали каватакли ош”, “Энг мазали саримсоқпиёзли ош”, “Фаол иштироки учун” каби номинациялар белгиланиб, ғолибларига диплом, эсдалик совғалари топширилди.