ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Боғчалардаги олий маълумотли тарбиячилар ойлиги ўқитувчилар ойлигига тенглаштирилади. Буни назарда тутувчи президентнинг ПФ–79-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлиги мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади.
Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан босқичма-босқич мактабларнинг 1–4 синфларида ўқувчиларга бошланғич, 5–9-синфларида таянч ҳамда 10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос ўқув дастурлари ва ўқув-методик мажмуалар жорий этилади.
Баҳолашнинг янги тартиби жорий этилади. Бунда ўқувчининг ўтилган мавзуни амалиётда қўллай олиши, танқидий фикрлаш ва таҳлил кўникмалари баҳоланади.
Бошланғич синфларда информатика, ўрта синфларда эса молиявий саводхонлик дарслари ўтилади.
Барча фанлар бўйича амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилади.
Қолаверса, 2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади. Бунда 2023/2024 ўқув йилидан ўқитувчилар стажёр-ўқитувчи сифатида ишлайди ва 1 йилда сертификат олиши талаб этилади.
2024 йил 1 январдан давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади. Бунда малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси, иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади.