Беларус ва Россия НАТО дронларини йўқ қилиш учун кучли “гиперболоид” яратмоқда

Украина ва бошқа қайноқ нуқталарда учувчисиз ҳаво воситаларидан фаол фойдаланиш дронларни максимал масофада йўқ қилишга мўлжалланган жанговар лазер тизимларининг ривожланишини тезлаштиради.
Sputnik
Беларус ва Россия бу юқори технологияли соҳада етакчилик қилмоқда. Катта кучга эга жанговар лазерни Минск ЛЭМТ илмий-техника маркази билан Москва илмий-тадқиқот институтларининг Беларус ва Россия мутахассислари биргаликда ишлаб чиқмоқда.
Ўнлаб километр масофада учувчисиз ҳаво воситаларини йўқ қилиш учун мўлжалланган 100 кВт қувватга эга лазер икки йилдан кейин тайёр бўлиши режалаштирилган. 2023 йилда эса ишлаб чиқувчилар яроқли прототипини тақдим этади.

Дастур амалга оширилади

Беларуснинг ЛЭМТ ташкилоти мутахассислари Яқин Шарқдаги жанговар вазиятда муваффақиятли синовдан ўтган пастро қувватли лазерни (30 кВт) яратиш тажрибасига эга. Мобил ва стационар версиялардаги тизим 1500 метргача бўлган масофада душман дронларини мустақил равишда топади, аниқлик киритади, кузатади ва зарба беради.
“Задира” янги авлод серияли рус тизими беш сонияда 5000 метр масофада душман дронини жисмонан йўқ қилишга (ёндиришга) қодир, бу Украина ҳарбий ҳаракатлар театрида 2022 йил баҳорида исботланган. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги олти йил олдин “Задира-16” жанговар комплексини “янги жисмоний тамойиллар асосида” ишлаб чиқишга буюртма берган эди.

2017 йилда фойдаланишга топширилган Россиянинг “Пересвет” лазер мажмуаси 2018 йил 1 декабрдан бери жанговар йўлда ишга солинмоқда. 1500 км гача баландликдаги душман сунъий йўлдош тизимларини лазер зарбаси билан кўр қилиш (ишдан чиқариш) қобилиятига эга.

Албатта, “Пересвет”нинг кучи атмосферадаги разведка самолётлари ва дронларни йўқ қилиш (ёндириш) имконини беради.
“Пересвет” ҳаво мудофаа тизимининг самарали элементи сифатида 2020 йил баҳорида Сурияда муваффақиятли синовдан ўтказилган – лазер зарбаси билан кўр бўлган америкалик “Томагавка”лар нишон билан оптик алоқани йўқотди ва ўзини ўзи йўқ қилди.
“Пересвет”ни янада такомиллаштириш – лазер кучини ошириш ва восита ҳажмини кичрайтиришга қаратилган. Жанговар лазер мажмуасининг авиация ва денгиз ташувчилари билан бирлаштириш мантиқий ва истиқболли кўринади.

Имкониятларнинг янада кенгайтириш

Учувчи воситаларни самарали йўқ қилиш учун жанговар лазернинг кучи ҳужум қилинган объектнинг масофаси, тезлиги ва тузулмавий хусусиятларига мос келиши керак.
Россия лазер қуроллари кенг имкониятларга эга ва доимий равишда қулайроқ ҳажмга эга бўлиш, ҳаракатчанроқ ва кучлироқ бўлиш учун ривожланмоқда. Бунинг учун салмоқли илмий-техник база мавжуд. Энг янги мажмуаларни лойиҳалашда ўтган ўн йилликлардаги тажриба ҳисобга олинган.
Россия илмий ва лойиҳа ташкилотлари ярим асрдан кўпроқ вақт давомида жанговар лазерлар билан шуғулланади. Аниқроғи, 1964 йилдан бери, “Терра” коди остида ракетага қарши дастур ишга туширилган пайтдан бошлаб шуғулланади. Кейинчалик, 1970 йилларда, душман космик кемаларини йўқ қилиш учун “Скиф-Д” орбитал станциясига жойлаштиришга жанговар лазер ишлаб чиқилди.
Маълумки, 1987 йилда Ер орбитасига газ-динамик лазерли 77 тонналик “Скиф-ДМ” тажрибавий платформаси чиқарилган. Тахминан бир вақтнинг ўзида А-60 “Сокол-Эшелон” жанговар лазерли Ил-76 ҳарбий транспорт самолётлари қурилди.
Маълумки, А-60 комплекси 2009 йилда ердан 1500 км баландликдаги шартли нишонни муваффақиятли урган.
Сўнгги йилларда фақат иккита сўнгги ишланма – “Пересвет” ва “Задира” жамоатчиликка маълум бўлди. Эҳтимол, турли диапазон ва қувватга эга бўлган рус лазер тизимлари кўпроқдир.

Орбитал қирувчи

2018 йил баҳорида Россия президенти Владимир Путин лазер қуролларининг алоҳида аҳамиятини таъкидлади: “Бундай жанговар тизимларнинг мавжудлиги Россиянинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги имкониятларини, хусусан, миқдорини оширади”.
2018 йил кузида АҚШ маъмурияти Россиянинг коинотдаги “ғайриоддий фаоллиги” – гўёки орбитага ҳарбий лазерларни жойлаштиришидан хавотирга тушган эди.
Эътибор беринг, душман космик кемасини лазер нурлари билан эмас, балки орбитада маневр қилаётган камикадзе сунъий йўлдошлари билан йўқ қилиш технологик жиҳатдан самаралироқ ва осонроқдир. Бундай ҳолат биринчи марта 1968 йил 1 ноябрда амалга оширилган, аммо бу бутунлай бошқа воқеа.
Россия жанговар орбитал лазерларининг, ҳарбий “инспектор сунъий йўлдошлари” ёки “сунъий йўлдош қирувчиларининг” замонавий мавжудлиги Ғарбни жиддий ташвишга солмоқда, аммо бу Москва томонидан расман тасдиқланмаяпти.
Россия ва Беларусиядан ташқари, 100 кВт гача бўлган жанговар лазер тизимларини яратиш билан кўп давлатлар ҳам шуғулланмайди. Исроил, Япония ва Хитойдан келган мутахассислар бу борада бошқалардан кўра кўпроқ олдинга силжишган.
АҚШ ва НАТОда катта кучга эга лазер тизимлари йўқ. "Stryker" зирҳли машинасига асосланган 50 кВт қувватга эга Американинг энг яхши қисқа масофали лазерли ҳаво мудофаа тизими тажрибавий прототип бўлиб қолмоқда.
Америкалик мутахассислар ўнлаб йиллар давомида денгиз ва ҳавода жойлашган жанговар лазерларнинг лойиҳалари билан шуғулланишган, аммо улар сериялаб ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қувват ва диапазонга эга бўла олмади.