ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Сирдарё вилоятида қайиқда дарё кечиб мактабга қатнайдиган қиз ўқишини спорт марказида давом эттиради. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“Эндиликда қизалоқ ҳар куни дарёни кечиб мактабга бормайди. Вилоят ҳокимининг таклифига кўра қаҳрамонимиз янги ўқув йилидан бошлаб Гулистон Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида академик эшкак эшиш йўналишида ўқишни давом эттирадиган бўлди”, - дейилган хабарда.
У марказда ётоқхона ва 4 маҳал бепул овқат билан таъминланади. Шунингдек, бўш вақтларида унга "Ёшлар маркази"да дастурлаш ҳамда IТ-соҳасини ўрганиши учун шароит яратиб берилади.
Ўтган йил декабрида ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарё вилоятида Замира Тўйчиева исмли ёш қизалоқ мактабдан қайтишда дарёдан қайиқ орқали сузиб ўтаётгани акс этган видео кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Шундан сўнг Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмал Маҳмудалиев қизнинг онаси билан учрашганди. Шунингдек, ҳокимнинг тегишли кўрсатмаси билан ҳокимият масъуллари, вилоят ФВБ бошлиғи, Бекобод тумани ҳокими ҳамда мутасадди ташкилотлар қизнинг хонадонида бўлган.