ТОШКЕНТ, 30 май - Sputnik. Ўзбекистон Хитойга узум ҳамда парранда гўштини экспорт қилишни бошлайди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 18-19 май кунлари ХХР буюрган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан Хитой Божхона бош маъмурияти ўртасида иккита баённома имзоланган.
"Ўзбекистондан Хитойга узум экспорт қилишда фитосанитар талаблар ва назорат тўғрисидаги баённома";
"Ўзбекистондан Хитойга парранда гўштини етказиб беришда карантин ва ветеринария-санитария талаблари тўғрисидаги баённома".
Шундан келиб чиқиб, мамлакатнинг ХХРдаги элчихонаси Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда маҳаллий маҳсулотларни Хитой бозорига олиб кириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Унга кўра, Хитой мамлакатга импорт қилинадиган товарлар устидан қаттиқ назоратни амалга оширади. Импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотларни текшириш учун назорат остида карантин рухсатини беради.
Баённомаларда санитария, ветеринария ва фитосанитария талаблари аниқ белгиланган. Хусусан, Ўзбекистондан ушбу мамлакатга экспорт қилинаётган узум ва музлатилган товуқ оёқлари ХХР импорт қилинадиган фитосанитария ва ветеринария талабларига, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги ва гигиена стандартларига жавоб бериши керак.
Маҳсулотларни экспорт қилишга фақат Хитой фитосанитария хизмати реестрига киритилган корхоналарга рухсат этилади. Бу эса Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига тегишли.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 18-19 май кунлари Хитойга буюрган давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Қўшма баёнот имзолади. Давлат раҳбарлари 2023-2027 йилларга мўлжалланган стратегик шерикликни ривожлантириш дастурини қабул қилди. Шунингдек, етакчилар ҳузурида 41 та ҳужжат имзоланди.