Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани демаркация қилиш бўйича ҳужжатларни тасдиқлади

Музокаралар давомида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари ва Қўшма демаркация комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Самарқанд шаҳрида Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациялари ўртасида қирғиз-ўзбек давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари ва Қўшма демаркация комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Томонлар чегаранинг айрим участкаларида қўшма дала тадқиқотлари натижаларини муҳокама қилдилар.
Қўшма демаркация комиссияси йиғилиши якунларига кўра, томонлар давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлади.
Таъкидланишича, музокаралар дўстлик ва ўзаро англашув муҳитида ўтди. Тадбирлар якуни бўйича тегишли баённомалар имзоланди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўтган йилнинг ноябрь ойида Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси тўғрисидаги шартномани тўлиқ ратификация қилувчи қонунни имзолаган эди.