Мирзиёев Эрдоғанни президентлик сайловида эришган ғалабаси билан табриклади

Мирзиёев Эрдоғанни бугун бўлиб ўтган президентлик сайловида эришган ишончли, тарихий ғалабаси билан самимий қутлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни телефон орқали мулоқотда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоғанни бугун бўлиб ўтган президентлик сайловида эришган ишончли, тарихий ғалабаси билан самимий қутлади. Бу ҳақда Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар берди.
Сайловнинг иккинчи турида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари қардош Туркия халқи амалдаги давлат раҳбарининг сиёсати ва ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаётганининг ишончли ифодаси экани қайд этилди.
Суҳбатда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Олий даражадаги Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлаш мақсадида барча даражаларда фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.