ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Таниқли раққоса, ўзбек рақс санъатида ўз мактабини яратган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова 77 ёшида вафот этди, дея хабар берди Маданият ва туризм вазирлиги.
Қизлархон Дўстмуҳаммедова 1946 йил 25 октябрь санасида Тошкент шаҳрида туғилган. Дастлаб, 1965 йилда Тошкент давлат университетини, 1977 йилда Тошкент тeaтр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Санъат ва маданият институти) тамомлаган.
Кизлархон Дустмухаммедова
© Министерство культуры и туризма Узбекистана
Меҳнат фаолиятини 1965 йилда М.Қори-Ёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси балет солисти сифатида бошлаган ва 1989 йилга қадар фаолият олиб борган.
Кейинроқ “Ўзбекистон” Teaтр-студияси солисти (1989-1991), Тошкент давлат маданият институти, “Халқ мусиқаси” кафедраси ўқитувчиси (1991-1995), Халқаро “Олтин Мерос” хайрия жамғармаси қошидаги миллий мумтоз рақс дастасининг бош бадиий раҳбари сифатида (1999-2005) фаолият юритган.
У — лирик раққоса. Рақслари нафис ва жозибали ҳаракатларга бойлиги билан ажралиб туради. “Гўзал”, “Тонг маликаси”, “Гўзал тонг”, “Интизор”, “Бухоро юлдузи”, “Севги таронаси”, “Нозли” каби замонавий, шунингдек, “Муножот”, “Танавор”, “Мўғулчаи сегоҳ”, “Қоракўзим”, “Гулузорим”, “Савти мискин” каби билан мумтоз рақслари машҳур.
“Шашмақом” телефильмида қатнашган (1972), “Танавор” рақс ансамбли (Сиетл, АҚШ)да ўзбек рақсларини саҳналаштирган. АҚШ Ливия, Франция, Германия, Тунис каби мамлакатларда гастроль сафарларида бўлган. Дўстмуҳамедова ижодига бағишлаб “Нафосат гулдастаси” номли фильм ишланган (1985). У “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган (2000).