ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзгидромет дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Жума ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Тошкент вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида ва Фарғона водийси вилоятларида бугун ва эртага қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
26 май куни кундузи ҳаво ҳарорати +28…+33 даража, шимолда ва чўл ҳудудларда 35 даражагача, жанубда 37 даражагача атрофида бўлади. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати секин кўтарилади ва +32…+35, шимолда ва чўл ҳудудларда +35…+37 даражани ташкил этади. Бундай ҳарорат фони май ойи охири учун бўлган меъёрий қийматларга яқиндир.
Пойтахтда 26-28 май кунлари ҳаво очиқ бўлади. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳаво ҳарорати кечалари +16…+18, кундуз кунлари +30…+33 даража бўлади.