ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик куни... Бугун йиғилишда меҳмон сифатида биринчи марта Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ҳайдарович иштирок этади. Бундан ташқари, видеоалоқа орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон уланади”, - деди Песков. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Маълумот учун, Москвада 24-25 май кунлари Евроосиё иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Унда ЕОИИ мамлакатларидан ташқари Хитой, Жанубий Африка, Ўзбекистон, Никарагуа, Венесуэла, Индонезия вакиллари, шунингдек, БМТ, ЖССТ ва Халқаро миграция ташкилоти вакиллари, жами 2,5 мингдан ортиқ вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.
Форумнинг марказий ва асосий воқеаси ЕОИИга аъзо давлатлар давлат раҳбарлари иштирокидаги ялпи мажлис бўлади. Ундан ташқари ЕОИИ, ШҲТ ва БРИКС ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболдаги “ЕОИИ-2030+ стратегияси” ва бошқа мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, форум доирасида “Технология ва ҳамкорлик”, “Ўзгарувчан дунёда ЕОИИ”, “Евросиё алоқалари”, “ЕОИИ ички бозори, божхона. Ҳамкорлик, рақобат ва давлат харидлари”, “Стратегик блок” ва ЕОИИ каби мавзуларда форумлар ўтказиш режалаштирилган.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ЕОИИга аъзо мамлакатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони сезиларли даражада ошди.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев ўтган йили 27 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг онлайн ўтган йиғилишида ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат раҳбари сифатида иштирок этган эди.