Сездирмай келган дефолт: Украина ҳар бир доллар учун жавоб беради

АҚШдаги республикачилар ва демократлар давлат қарзининг чегараси бўйича ҳеч бир тўхтамга кела олмаяпти. Ўзини нимагадир дунёдаги энг илғор иқтисодиёт деб атайдиган мамлакат бир ҳафта ичида ҳақиқий мутлақ дефолтга дуч келмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. Шу муносабат билан америкаликларда Украинага ҳомийлик қилишда давом этишлари арзийдими, деган савол туғилди.
"Hill" нуфузли газетаси шарҳловчисининг таъкидлашича, “қарз чегарасининг боши берк кўчага кириб қолиши ва Украинанинг бўлажак қарши ҳужумининг ноаниқ оқибатлари сабабли кейинги молиялаштириш раундига оид жиддий музокаралар кечиктирилди”.
Буни Вашингтон томонидан ўзининг “қаноти остидаги” украинларига нисбатан оддий шантаж сифатида тушуниш мумкин – аввал қарши ҳужум, кейин эса пул. Бироқ, Украина мавзуси дефолт мавзуси билан бирга пайдо бўлиши бошқа, жиддийроқ маънога эга.
АҚШдаги ҳар бир йирик иқтисодий инқироз ўзлари томонидан яратилганини англаб етиш осон. Бунда бирдан ва тезлик билан бир неча оилалар, корпорациялар ва банклар бойиб кетади, оддий Америка фуқаролари эса оммавий равишда банкрот бўлишади, кейин эса жонларига қасд қилишади ёки дорилар билан депрессияни тузатишга ҳаракат қилишади.
Бу 2008 йилда "Goldman Sachs" каби банкларнинг банкрот бўлган солиқ тўловчилар ҳисобига ўз балансини муваффақиятли тўлдириб, давлат бюджетидан юзлаб миллиард доллар ўзлаштирганларида жуда аниқ бўлган.
Аммо АҚШ фуқаролари унчалик ғазабланмасликлари учун улар нима сабабдан бу сафар уйларидан, ишларидан ва пенсия жамғармаларидан маҳрум бўлганликларини тушунтириб берадиган ҳар гал қандайдир ҳийла ўйлаб топишади. Кўп ҳолларда бу ҳийла уруш бўлади.

2008 йилги Буюк иқтисодий таназзулни (ипотека инқирозидан ташқари) АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги урушларга сарфлаган харажатлари билан боғлашган эди. 2000 йиллардаги дотком инқирози – Югославияни вайрон қилишдаги кераксиз харажатдир.

Аммо бу турдаги энг машҳур мисол Вьетнам уруши бўлди. Гап шундаки, 1970 йиллар бошида АҚШни навбатдаги иқтисодий инқироз қамраб олди. Инфляция, давлат қарзининг ўсиши, долларнинг қадрсизланиши, фуқароларнинг оммавий норозилиги. Мамлакат шунчалик талвасага тушдики, президент Никсон АҚШ доллари энди олтин билан таъминланмаётганлигини эълон қилишга мажбур бўлди.
Дунёдаги ҳар қандай оддий мамлакат учун бу ҳолат дефолтни англатар эди, аммо ўшанда, 70 йилларнинг бошларида дунёнинг етакчи ўйинчилари ўйиннинг янги қоидаларига рози бўлишди – доллар халқаро ҳисоб-китоблар учун жуда қулай эди. Аммо долларнинг қадрсизланиши ҳам ёрдам бермади: АҚШ иқтисодий инқироздан фақат 80 йилларда чиқди.
70 йиллардаги шафқатсиз таназзулда кимни айблаш мумкин? Албатта, Жанубий Вьетнам. Ўзини Вашингтоннинг энг яқин дўстлари деб билган маҳаллий раҳбарларнинг ҳаммаси порахўр амалдорлар экани бирдан маълум бўлди. Уларнинг Пентагондаги шериклари ақлдан озгандек ўзига улуш суғуриб олмоқчи бўлди. Вьетнам урушига жуда кўп пул беҳуда сарфланган. АҚШ Конгресси жанубий вьетнамликларга ҳомийлик қилишдан бош тортди, америкаликлар Сайгондан қочиб кетишди.
“Вьетнам уруши ... АҚШда тўловлар тақчиллигини келтириб чиқарди, бу эса долларнинг қадрсизланишига ва Бреттон-Вудс тизимининг тугашига олиб келди”, – деб ёзади 1973 йилда "The New York Times". Газета ўқувчиларининг газетага ишонишдан бошқа яна қандай иложлари бор эди?
АҚШнинг ҳозирги иқтисодий вазияти 1970 йилларнинг бошларига қараганда сезиларли даражада ёмонроқ. Инфляция 1,5 баробарга, давлат қарзи 30 баробарга ошди. Долларнинг сотиб олиш қобилияти ниҳоятда тушди – 1970 йилда 30 000 доллар турадиган уй ҳозир ярим миллионга сотилмоқда. Бундан ташқари, ярим аср олдин АҚШ ўз ишлаб чиқаришига эга эди ва шундан бери кўплаб объектлар чет элга кўчирилди.
Энг муҳими, дунёда Америка доллари ва Америка иқтисодини сақлаб қолмоқчи бўлган давлатлар деярли қолмади. Кимга керак? Америка облигацияларини сотиб оласиз-у, улар бирдан музлатиб қўйилади. Бу ерда яна “дефолт” сўзи ишлатилади.
Вашингтон учун барча иқтисодий қийинчиликларни, жумладан, давлат қарзини тўламаганликни ҳам Украинага ўтказишдан қулайроқ нарса йўқ. Бу ҳолатда асосли эътироз билдириш мумкин: Киевнинг бунга нима алоқаси бор? Вашингтон режими томонидан Россия билан уруш учун ажратилган ўнлаб миллиардлар ҳеч нарса эмас, бу денгиздан бир томчи.
Вьетнам уруши ҳам Америка бюджетига анча арзонга тушган эди. Йилига бир неча миллиард, бу бутун ҳарбий бюджетнинг беш фоизидан кўп эмас. Бу шунчаки тийинлардек туюлади.
Шунчаки, Вьетнам ОАВларнинг диққат марказида эди. У ҳақида ёзишди, гапиришди, фильмлар суратга олишди, намойишларга чиқишди. Ўз фойдасига навбатдаги инқирозни уюштирган АҚШ элитаси учун инфляция, ишсизлик, катта инқироз ва долларнинг қадрсизланишини Вьетнам уруши билан боғлаш жуда осон эди.
Ҳозир Украина бутун дунёнинг диққат марказида. Ахборот агентликлари унинг яшил кийимдаги бош раҳбарининг ҳаракатларини интиқлик билан кузатиб боришмоқда. Дунёнинг барча ОАВларининг муҳаррирлари ўз тақдирларини лаънатлаб, “Авдеевка” ёки “Артёмовск” каби мураккаб топонимларни ўз она тилига кўчиришмоқда.
Эҳтимол, Зеленский (ўзининг профессионал оғишлари билан) бу шон-шуҳратнинг чўққиси деб ўйлайди. Аслида, қурбонликка тортилаётганнинг томоғи кесилишидан аввал шундай безатишади.
Бу йил бўлмаса, кейинги йилда америкаликлар ўзларининг иқтисодий инқирози учун Украинани жавобгарликка тортишлари муқаррар. Улар қарзларни тўлашни ҳам, кредит-лизинг тўловини ҳам талаб қиладилар – ҳа, фоизлар билан. Уни ўнлаб йиллар давомида ҳам тўлаб битириб бўлмайди, бу аниқ.
Янада қизиқроқ бошқа нарса бор: эллик йил олдин америкаликлар долларни олтиндан ажратиб, қадрсизлантиришган. Бу сафар, ҳозирги доллар вазиятини ҳисобга олган ҳолда энди нима қилишмоқчи?