Самарқандда “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари” мавзусида халқаро форум ўтказилади

Форум меҳмонлари Шоҳи Зинда мақбарасига ташриф буюришади ҳамда “Хитой олтин мероси” кўргазмаси билан танишадилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. 25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари” мавзусида халқаро форум ўтказилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Унда Россия, Беларусь, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатлардан халқаро экспертлар, мутахассис ва меҳмонлар иштирок этади.
Форумда маҳаллий ижодкорлар иштирокида ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарларини яратиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади. Регистон ансамблида ўзбек миллий ҳунармандчилик санъатига оид кўргазма савдолари уюштирилади.
Ўзбекистон маданияти тарихи музейида “Буюк ипак йўли тадқиқотлари” кўп жилдли каталогининг тақдимоти бўлиб ўтади. Унда тарихий манбаларда келтирилган фактлар, ноёб суратлар ўрин олган.
Форум меҳмонлари Шоҳи Зинда мақбарасига ташриф буюришади ҳамда “Ўзбекистон-Хитой олтин мероси” кўргазмаси билан танишадилар.
Форум ёпилишида Регистон ансамблида 3D шоу намойишлари, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари тақдим этилади.