Наманганда илк бор халқаро IT-форуми ўтказилди – фото

Унда таълим резидентлари, замонавий ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт, креатив тадбиркорлик, илмий ва касбий йўналишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Наманганда ўтказилаётган 62-халқаро гуллар фестивали доирасида илк бор катта масштабда Namangan Tech Summit - халқаро IT форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
Унда таълим резидентлари, замонавий ахборот технологиялари, рақамли иқтисодиёт, креатив тадбиркорлик, илмий ва касбий йўналишлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
“Сўнгги уч йилда вилоятда IT-компаниялар сони ўн баробарга ортиб, қарийб 200 тани ташкил этмоқда. IT соҳасидаги хизматлар экспортида ҳам Наманган Республикада кучли учликдан ўрин эгаллаган”, - деди Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразаков.
Бундан икки ярим йил аввал Наманган тажрибаси сифатида вилоятнинг барча шаҳар-туманларида 14 та IT таълим марказлари ташкил этилган.
Ҳозирда вилоятда бундай IT таълим марказлари сони ўн баробарга ортиб, қарийб 150 тага етган. Унда минглаб ёшлар замон талабидаги касбни эгалламоқда.
Улар орасида Finnet technologies, Intelligent Wave, United IT clubs, PDP University, Thinkland , FrontEnd Development каби замонавий инновацион секторлар мавжуд.
Ҳозирда соҳани ривожлантиришда Россия, Хитой, Туркия, Япония, Буюк Британия, Корея Республикаси ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.