Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари Женевада нималарни муҳокама қилди?

Иштирокчилар “Йўл харитаси” ижросини жадаллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Швейцариянинг Женева шаҳрида бошланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 76-сессияси доирасида ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге билан Марказий Осиё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари ўртасида норасмий учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилиш бюро директори Xанс Клюгенинг баёноти билан бошланди. Унда 2022-2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларида саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат ўтган йилнинг 11 сентябрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан тасдиқланган. У беш мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган.
Хусусан, “Йўл харитаси” Марказий Осиёда иқлим инқирози, CОVID-19 пандемияси асоратлари ҳамда соғлиқ тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, оналар ва болалар саломатлиги кўрсаткичларини янада яхшилаш, ноинфекцион касалликларнинг олдини олишга доир қатор муҳим чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов кейинги йилларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Пандемия даврида ЖССТ кўмагида Ўзбекистонга СOVID-19 га қарши вакцина, тиббий жиҳоз ва препаратлар келтирилиши, ташкилот томонидан касалликни даволаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар минглаб фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бергани мамнуният билан қайд этилди.
Якунда иштирокчилар “Йўл харитаси” ижросини жадаллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб олди.