ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақида Россия ТИВга асосланиб РИА Новости хабар берди.
Вазирлик маълум қилишича, Москвадаги учрашувда вазирлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларни муҳокама қилган.
“Минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари муҳокама қилинар экан, Лавров Украинадаги мавжуд вазият ва махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида Россия нуқтаи назарини билдирди”, — дейилади вазирлик баёнотида.
Бундан ташқари, вазирлар МДҲ, ШҲТ ва ЕОИИ доирасидаги ўзраро позицияларни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, вазирлар Афғонистондаги вазият ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловларига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берди. Россия томони ушбу муҳим сиёсий тадбирни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва уни Россия ҳудудида жойлашган Ўзбекистон фуқароларига ўтказишда ташкилий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.