Бу қизиқ

Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?

"Ўзбекнинг ўз сўзлари" навбатдаги сонида ёввойи ҳайвонларнинг номларига бағишланган. Ушбу материалда ўзбек тилига оид қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Sputnik
Ўзбек тилидаги йиртқич ва ёввойи ҳайвонларнинг номи кўпчиликка таниш: шер, йўлбарс, бўри, тулки, айиқ, жирафа, қоплон кабилар.
Лекин халқ тилида уларнинг яна бошқа номлари, бу ҳайвонларнинг болалари номлари ҳам бор. Уларни кам эшитганимиз учун нутқда жуда кам ишлатамиз, маъноларини эсдан чиқарган бўлишимиз мумкин. Қуйида йиртқич ва йиртқич бўлмаган ёввойи ҳайвонлар, уларнинг болаларининг номлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Шервачча. Арслоннинг боласи

Халқ тилида шер дейиладиган ҳайвонлар шоҳининг асосий номи – арслон. Арслон – мушуксимонлар оиласининг йирик вакили. Қўрқув билмагани учун жасур йигитларни халқимиз шерга ўхшатиб шерюрак дейди, барваста ва бақувват йигитларни шеркелбат деб таърифлайди. Абдулла Ориповнинг “Генетика” шеърида оҳунинг ювошлиги, шер боласининг ҳадик билмаслиги ҳақида қуйидаги мисралар бор: Оҳу боласи бу – оҳудай боққан, Шерваччада эса шернинг шиддати. Авлодлар қонида минг йиллаб оққан, Буюк боболарнинг турфа хислати.

Бўривачча/Бўлтирик. Бўрининг боласи

Бўривачча адабий тилда кўп қўлланади, бўлтирик қипчоқ шеваларида учрайди. Бўри – итсимонлар оиласига мансуб йиртқич ҳайвон. Ўзбекистонда чўл бўриси кўп учрайди. Бўри туркий халқларда тотем даражасига кўтарилган жонивор. “Она бўри” номли афсонада тасвирланишича, қадимги турклар кўк бўридан тарқалган. “Бўри”, “Бўри қиз”, “Чўлоқ бўри” каби эртакларда талқин этилган тотемик бўри образи инсоннинг халоскори, ҳимоячиси сифатида тасвирланади (Ўзбекистон миллий энциклопедияси). Халқимиз тасаввурида бўрининг тотемик образлилиги – муқаддас ҳайвонлиги унутилгач, бу жонивор ваҳший ҳайвон сифатида танилган. Қўй-қўзиларни еб кетиши оқибатида одамлар бўрини ёмон кўриб қолганлар. Аммо ҳали ҳам бўрини омад келтирадиган жонивор сифатида тушунадиганлар бор, шунинг учун унинг тишини ёнларида олиб юришади.
Бўрининг яна бир номи – қашқир. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида бўрини жондор, Фарғонанинг Водилида, Наманганнинг Уйчи туманида қаршиқул дейишади. Ёвуз бўрилар чорвадорларнинг қўй-қўзиларини еб кетавергани учун урғочи бўри ва эркак итни чатиштириб бўрибосар ит зоти олинади. Бундай итлар бўрини босадиган, енгадиган бўлгани учун бўрибосар дейилган.

Войвоякбола. Чиябўрининг боласи

Чиябўри - бўридан жуссаси кичик, итсимонлар оиласига мансуб йиртқич ҳайвон. Ўзбекистоннинг чўл ва даштларида кенг тарқалган. Тожиклашган шеваларда чиябўри шақал деб ҳам аталади. Бўлар-бўлмасга, ҳадеб увуллайвергани учун чиябўри халқ тилида войвояк, чиябўрининг боласи войвоякбола дейилади. Баъзан оталар “Менга ишдан нима олиб келасиз”, деб хархаша қилаверадиган болаларга “войвоякнинг боласини олиб келаман” деб ёзғирадилар.

Тулкибола/бачки. Тулкининг боласи

Эркак ёки урғочилигидан қатъи назар, росмана тулкига айлангунча тулкибола дейилаверади. Тулки ўзбек халқи орасида айёрлик рамзи сифатида қабул қилинади. Тулки сўзи одамга нисбатан қўлланганда, ўша кишининг ўта айёр, доғули эканлиги ифода қилинади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида Ҳомиднинг иғвосидан бехабар Кумуш Отабекни айёрликда тулкига, ваҳшийликда бўрига ўхшатади: Бегим, гарчи аччиғлансангиз ҳам айтишка мажбурман: сизда виждон, инсоф, раҳм, ваъда, вафо, яхшилиқни билиш, боринг-чи, одамгарчиликдан ҳеч гап йўқ эмиш. Билъакс сиз: ҳийлакор бир тулки, оғзи қон бир бўри, раҳмсиз бир жаллод, уятсиз бир йигит!
Ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасига мансуб шеваларда тулкининг боласи бачки деб ҳам номланади.

Айиқча. Айиқнинг ҳали бир ёшга тўлмаган боласи

Олдин мердак дейилган. Ўзбек тилида айиқнинг урғочиси учун алоҳида сўз йўқ, бироқ эркагини хирс деб айтишади. Гавдаси айиқникидай бесўнақай эркакларни хирсга ўхшатишади, хирсдай дейишади. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг “Ойгул ва Бахтиёр” эртагида шундай мисралар бор: Қизнинг олдида бу хирс, Кўрсатиб ёввойи ҳирс. Самарқанднинг Жўш туманида яшовчи кишилар айиқни ваюв деб қўя қолишади. Алишер Навоий асарларида айиқ даббаба дейилган. Славянларда агар айиқнинг оти тўғридан тўғри айтилса, киши айиққа рўпара бўлиб қолади ёки айиқ дуч келиб қолади дейишади. Шунинг учун айиқ ҳақида гапиришганда “медвед” демайдилар, балки полвон, асалхўр деб тилга оладилар. Ўзбек халқида чаён ёки бўрини шундай айтиш бор. Масалан, чаённи отсиз, гаждум, гажакдум деб аташади.

Жиш. Чўчқанинг боласи

Чўчқа боласи янги туғилганда қуш боласидек туксиз, худди гўштдек бўлгани учун жиш дейишади. Бироз катта бўлган чўчқа боласи жўрпа дейилади. Ёввойи чўчқаларнинг умумий номи – тўнғиз. Халқимиз эркагини – қобон, урғочисини – мегажин дейди. Чўчқа, тўнғиз, мегажин сўзлари одамга қарата айтилганда, ўта қўпол ҳақорат қилинган бўлади. Шунинг учун кишини бундай сўзлар билана атамаган маъқул. Аммо славян халқларида боласини “чўчқачам” деб эркалаш одати ҳам бор.

Қуралай. Кийик, оҳу, жайрон, ғизол каби ҳайвонларнинг боласи

Ўзбек шеваларида кийикнинг боласи момолоқ ҳам дейилади. Оҳунинг боласини барра ҳам дейишади. Кийик сўзи оҳу, жайрон, ғизол, буғу каби кавш қайтарувчи ҳайвонларни ҳаммасига нисбатан қўлланаверади. Адабиётшунос Абдуғафур Расуловнинг фикрича, халқимиз кўпинча бу ҳайвоннинг эркагини оҳу, урғочисини кийик деб айтган. Ўзбек халқи кишининг кўзи қоп-қора ва чиройли бўлса, қуралай кўз деб келган, халқ бундай кўзлар ҳақида қўшиқлар тўқиган. Масалан: Қуралай кўз, қуралай, Туйнугингдан мўралай. Сен ялло айтганингда, Оҳангига йўрғалай.
Кейинги ҳафта чоршанба куни "Хотира ва ўлим билан боғлиқ ўзбек урф-одатлари" ҳақида бўлади. Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Бизни кузатиб боринг ва Telegram-каналимизга обуна бўлинг.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимизнинг аввалги мавзулари:
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади
“Жиш, жувона, муроталибача”: паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади