Ноёб тадбир: Тошкентда халқаро театр санъати фестивалида кимлар иштирок этади?

Фестивалда ёш театршунослар ва танқидчилар етиштириш борасида давра суҳбатлари ҳам ташкил этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Тошкентда 22-28 май кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали дастурида 9 та хорижий театр жамоалари спектакллари бор. Польша ва Туркманистон давлати театрларидан ҳам қатнашиш истаги билдирилди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
“Биз кўпинча хориж театрларига борардик, аммо уларни ўз юртимизга таклиф қилолмасдик. Мана, охирги йиллар давлат раҳбари ташаббуси билан “Евроосиё” халқаро театр фестивалини ўтказиш анъанага айланди. Энди ўзбек театри ижодкорлари ўз Ватанида халқаро мутахассислар иштирокида маҳорат билан спектаклларни тақдим этишади ва муносиб баҳо олишади”, - деди Маданият ва туризм вазирлиги Санъатни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Баҳром Усмонов.
Фестиваль доирасида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Туркия, Грузия, Озарбайжондан театр жамоалари ҳамда ўзбек театрлари спектакллари намойиш этилади.
“Мазкур фестиваль илк бор катта масштабда, кенг кўламда ўтказилмоқда. Ҳозиргача дастурда 9 та хорижий театр жамоалари спектакллари бўлса, Польша ва Туркманистон давлати театрларидан ҳам қатнашиш истаги билдирилди. Ҳозирда экспертлар спектаклларни саралаб олишмоқда”, -деди Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри директори Абдусаид Ғаниев.
Фестивалда ёш театршунослар ва танқидчилар етиштириш борасида давра суҳбатлари ҳам ташкил этилади.