Бу йил “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари қандай ташкил этилади?

Таъкидланишича, тадбирни тартибли ўтказиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбирга фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май - Sputnik. Умумий ўрта таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00 га қадар “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ташкил этилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Умумий ўрта таълим муассасаларида 2022-2023 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилди.
Таъкидланишича, тадбирни тартибли ўтказиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбирга фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади.
Тадбирни маҳалла қўмитаси, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиш ҳамда мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслиги таъминланади.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимларига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган ўқувчиларнинг ота-оналарини маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.