Миллий гвардия ходимларига қўшимча ваколатлар берилди

Миллий гвардия органларининг ходимларига бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Миллий гвардия ходимларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишдаги ваколатлари кенгайтирилди. Бу ҳақда президент томонидан ЎРҚ-842 сонли қонун имзоланди.
Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилди.
Миллий гвардия органларининг ходимларига қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:
майда безорилик, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш;
баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш.
Ушбу қонун эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, миллий гвардия органлари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар натижасида ноқонуний сақланган 44 та пневматик ва ов қуроли, 3 202 дона ўқ-дори олиб қўйилган.
Фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган 1000 дан ортиқ кастет, бита, пичоқ ва бошқа ўткир тиғли буюмларни олиб юрган 960 нафар фуқаро аниқланиб, тегишли чора кўриш учун ички ишлар органлари ходимларига топширилган.