ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Унинг оқибатида бир нафар фуқаро тан жароҳати олди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Туманнинг “Янгиобод” МФЙда жойлашган аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида 9 май куни соат 21:25 да ёнғин портлаш содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВ бўлимига хабар келиб тушган.
Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғинни соат 22:30 қуршаб олган ва соат 23:00 да бартараф этган.
“Ёнғин натижада газ қуйиш шохобчаси ҳудудида бўлган 3 та “ИСУЗУ” русумли автомашина ва уларда сиғими 50 литрли суюлтирилган углеводород газлари бўлган баллонлар ёниб зарарланган”, - дейилади хабарда.
Ҳодиса шохобчадаги “МАН” русумли суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни захира сиғимига бўшатиш жарёнида техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида юзага келганлиги тахмин қилинмоқда.
Қайд этилишича, дастлабки маълумотларга кўра ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Ҳозирда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа жойига ФВВ, ИИБ, ССБ ва тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.