Ўзбекистонда спортчининг “биологик паспорти” онлайн тизими жорий этилади

Спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси ва спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформаси ишга туширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Ўзбекистонда допинг-тест ва допинг назоратини ташкил қилиш, маълумотларни тўплаш ва сақлашга оид спортчининг “биологик паспорти” онлайн тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган ПҚ–149-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги этиб қайта ташкил қилинди.
Ҳужжатга кўра, республикада ва хорижда ўтказиладиган мусобақаларда допинг-синамалар олиш ҳуқуқига эга бўлган халқаро тоифадаги допинг офицерларни Халқаро тест агентлигида (International Testing Agency) ўқитиш йўлга қўйилади.
Шунингдек, антидопинг назорати ва мониторинги соҳалари рақамлаштирилади.
Бунда допинг-тест ва допинг назоратини ташкил қилиш, спортчилар ҳақида маълумотларни тўплаш ва сақлашга оид спортчининг “биологик паспорти” (ABP) онлайн тизими жорий этилади.
Шунингдек, спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси яратилади ва босқичма-босқич Спортда тақиқланган моддаларни текшириш миллий платформаси жорий этилади.
Миллий антидопинг агентлиги республика ижро этувчи ҳокимият органи мақомига эга бўлиб, ўз фаолиятида президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдордир.
Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг талаблари ва қоидалари бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боради ҳамда тезкор жорий этади.
Ҳужжатга мувофиқ, вазирлик ва идораларда ягона меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий қилингунга қадар шу йил 15 майдан Миллий антидопинг агентлиги ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади:
1 йилдан 3 йилгача – 0,3;
3 йилдан 5 йилгача – 0,6;
5 йилдан 10 йилгача – 0,8;
10 йилдан 15 йилгача – 1;
15 йилдан 20 йилгача – 1,2;
20 йилдан юқори – 1,5.