Бокс бўйича жаҳон чемпионати — 2023

Ўзбек боксчиларини йўлбарсга қиёслашади – мураббий Рўзиохунов

Тошкент мезбонлигида ўтаётган дунё биринчилиги ғолибларига, жумладан, рамзий маънодаги йўлбарс ўйинчоқлари берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Тошкентда ўтаётган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибларига рамзий йўлбарс ўйинчоқлари берилади.
“Ўзбек боксчилари кучи ва шиддатидан йўлбарсга қиёсланади. 1-14 май куни Ўзбекистонда ўтаётган ЖЧда ғолибларга белгиланган пул мукофоти, медаль, диплом ва рамзий маънода йўлбарс ўйинчоқлари тақдим этилади”, - деди бокс бўйича халқаро тоифадаги мураббий Раҳматжон Рўзиохунов.
ЖЧда жанглар 3 дақиқадан 3 раунд давом этади. Боксчи муддатидан олдин рақибини нокаутга учратса, жанг тўхтатилади.
Очколар ҳар боксчининг рингда фаоллигига, берган зарбалари, ҳимоя тутиши, рақибига чап беришига қараб махсус ҳакамлар томонидан баҳолаб борилади.
“Бугун чемпионатнинг чорак финали, унда 11 нафар боксчимиз курашмоқда. Мен уларнинг барчасидан умидворман. Боксчиларимиз ҳақиқатан йўлбарсга тенглигини исботлашади”, - деди мураббий.
Ҳозирча рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўсматов, Саиджамшид Жафаров, Абдумалик Халоков, Руслан Абдуллаев, Лазизбек Мулложонов ярим финалга йўл олишди.