ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. 10 май куни Қорақалпоғистон Республикаси судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судланувчилар Аманбай Сагидуллаев ва Ниетбай Уразбаевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёнини якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди ахборот хизмати хабар бермоқда
Судланувчилар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлгани ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги боис жиноят иши бўйича суд муҳокамаси Сагидуллаев (1967 йилда туғилган, Алға Қарақалпақстан" партияси етакчиси, Норвегияда яшайди) ва Уразбаевнинг (1969 йилда туғилган, Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили, Қозоғистонда яшайди) иштирокисиз ўтказилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра:
Аманбай Сагидуллаев Жиноят кодексининг:
158-моддаси (Ўзбекистон президентига тажовуз қилиш) 3-қисми;
159-моддаси (Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми;
244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 3-қисми;
244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми "а", "г" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкум жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташи керак.
Ниетбай Уразбаев ЖКнинг:
159-моддаси 4-қисми;
244-моддаси 3-қисми;
244−1-моддаси 3-қисми "а", "г" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан Жиноят кодексининг 28,104-моддаси 3-қисми "а" банди (Бу харакатлар ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олингани сабабли) чиқарилди.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланди.