"Баҳор ансамбли" Уфада концерт беради

Санъат ихлосмандларини таассуротларга тўла томоша кутмоқда. Ўзбек рақслари миллий чолғу асбоблари жўрлигида намойиш этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Бошқирдистон пойтахти Уфа шаҳридаги Файзи Гаскаров номидаги ансамбл концерт зали саҳнасида 10 май куни Мукаррам Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли чиқиш қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълум қилди.
“Баҳор” ансамбли Ўзбекистоннинг ташриф қоғози ҳисобланиб, ифтихор ва миллий бойлик, маданият ва тарихнинг рақс орқали ҳикоясидир.
“Санъат ихлосмандларини таассуротларга тўла томоша кутмоқда. Ўзбек рақслари миллий чолғу асбоблари жўрлигида намойиш этилади”, дейилади хабарда.
“Баҳор” рақс ансамблининг ижроси томошабинларни ўзбек халқ рақс санъатининг мафтункор муҳитига шўнғитиб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ҳақида тасаввур ҳосил қилдиради.
Маълумот учун, сайёр гуруҳ ижодида 200 дан ортиқ хореографик саҳна кўринишлари мавжуд.
Концерт 19:00да бошланади.