ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тожикистон етакчиси давлат раҳбарини Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари жорий кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва иккинчи Ҳудудлар форуми кун тартибини пухта тайёрлаш муҳим эканини таъкидладилар.
Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.