Мирзиёев Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди — кўриб чиқилган масалалар

Мулоқотда ҳамкорликдаги лойиҳаларни жадаллаштириш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва фаол ҳудудлараро алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенко билан ўтказган телефон орқали мулоқот қилди. Унда қўшма кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва савдо муносабатларининг суръатини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Беларусь президенти 30 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Президентлар Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этишди.
Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Уларни жадаллаштириш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва фаол ҳудудлараро алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.