Тадбиркорнинг банкдаги маблағини ноқонуний олиб қўйганлар озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Тадбиркорнинг банкдаги пул маблағини қонунга хилоф равишда олиб қўйганлар озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қонунни кўриб чиқишди.
Мазкур қонун билан тадбиркорларнинг банкдаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз ўтказганлик, олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча модда
Банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базовий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда.
Жиноят кодексига киритилаётган қўшимча модда
Тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, жиноятнинг тоифасига қараб базовий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.