ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.
Сенаторлар мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги қонунни кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.
Унга кўра, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликлар такрор содир этилса 15 суткага қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.