ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Тошкентда конкур бўйича икки босқичдан иборат Жаҳон кубогининг Евросиё лигаси саралаш баҳслари ва “Maxima Masters EURASIA CUP” мусобақалари якунланди. Мусобақа ўзбекистонлик чавандозларнинг ғалабаси билан ниҳоясига етди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги дастурида 11 мамлакат вакиллари жамоавий йўналишда ғолиблик учун кураш олиб борди. Муросасиз баҳсларга бой чиқишларда Ўзбекистон вакилларига тенг келадигани топилмади.
Беллашувларда бир вақтнинг ўзида терма жамоа бош мураббийи ҳисобланувчи Бекзод Қурбонов (“Matts VG” лақабли отда), шунингдек, Хуршидбек Алимжонов (“Chempions Liga”), Аъзам Толиббоев (“Bozart De Ruet”) ва Нуржан Туякбаев (“Kvintus HB”) Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Баҳсларда иккинчи ўрин Қирғизистон, учинчи ўрин эса Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.
150 смли тўсиқлардан иборат “Maxima Masters EURASIA CUP” дастурида ҳам энг кўп очко жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси яна бир чемпионликни тантана қилди. Ўзбекистон вакиллари ғалаба учун кечган шиддатли беллашувларда Россия термасини ортда қолдирди.
Миллатлар кубоги йўналиши Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичига йўлланма беради. Келгуси 2 босқичдаги ғалаба Ўзбекистон вакилларига навбатдаги финал эшикларини очади.