ТОШКЕНТ, 2 май — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Айрим қонун ҳужжатларга Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилишди.
Бу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Солиқ кодекси ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистоннинг тадбиркорлик субъектларига вақтинчалик имтиёзлар бериляпти.
Яъни фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк ва ер солиғи 50 фоизга камайтирилмоқда. Ижтимоий солиқ улар томонидан 1 фоиз миқдоридаги ставка бўйича, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан эса йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўланади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотлари ўқув жараёни учун жалб этиладиган хорижий мутахассислар (ўқитувчилар) консуллик йиғимини ва доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Қорақалпоғистоннинг инвестицивий жозибадорлигини оширишга, тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.